Али Мардиев: Жомбойликларнинг кам жойи борми?

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

“Ёшим кичик бўлса-да, сўзларимни жиддий қабул қилишларингни истайман. Қишлоғимизда аёллар учун хизмат кўрсатадиган косметология ёки гўзаллик салонига эҳтиёж бор. Гарчи аҳоли кўп истиқомат қилувчи ҳудудлар сирасига кирса-да, қишлоғимизда бундай хизмат турлари ташкил этилмаган. Яқинда мактабни битираман. Агар имкон берилса, шу ишни ўзим бошламоқчиман.”

7-умумтаълим мактабида ўтган “Ҳоким ва ёшлар учрашуви”да 7-умумтаълим мактаби ўқувчиси Х.Мирзақулованинг мурожаати олқишга сазовор бўлди. Тадбиркорлик истагидаги қиз имтиёзли шартлар асосида кредит ажратилишида амалий ёрдам сўради. Туман ҳокими Ҳ.Тўйчиев унинг ушбу ташаббусини қўллаб-қувватлар экан, ёшларнинг ғояларини рўёбга чиқаришда барча қонуний имкониятлар яратиб берилишига ваъда берди.

Уч юз нафардан ортиқ ўқувчилар, Тут, Нўш, Тўққизбой маҳаллаларининг йигит-қизлари иштирок этган тадбирда меҳнат фахрийси Али Мардиев сўзга чиқди.

– Қишлоқ ёшларини ҳокимлар йўқлаб келиши ҳеч бир замонда бўлмаган, – дейди отахон. – Бу Президентимиз бошлаган оқилона сиёсат меваси. Шунча раҳбарлар ҳузурингизга бежиз келгани йўқ. Қайсидир туманда мактаб ўқувчиси техник кашфиёт қилгани ҳақида ўқидик. Бухоролик йигитча эса математика бўйича халқаро олимпиада ғолиби бўлди. Хўш, жомбойликларнинг улардан қандай кам жойи бор? Ўйлайманки, шижоатга эрк бериб, халқимиз корига ярайдиган фарзанд бўлиб улғаясизлар.

Учрашув давомида йигирмадан ортиқ мурожаат қабул қилинди. Тадбир сўнгида юқори натижаларга эришаётган ёшлардан бир гуруҳига китоблар жамланмаси совға қилинди. Шунингдек, 7-умумтаълим мактабида гимнастика тўгарагини ривожлантириш учун спорт анжомлари топширилди.

 

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM