Наймантепалик фахрийлар “сим қоқди”

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Жойларда ўтказилаётган сайёр қабуллар давомида маҳаллий йўлларни таъмирлаш масаласидаги мурожаатлар кўпчиликни ташкил этаётгани сир эмас. Бу муаммо ўзимизда ҳам бор эди.

Туман ҳокими Ҳ.Тўйчиев маҳалламизда ўтказилган аҳоли билан учрашув давомида Туркман қишлоғининг ички йўлига тош тўшалишига ваъда берганди. Ҳақиқатан ҳам қисқа фурсатда топшириқ ижроси таъминланди. Туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ходимлари келиб, икки кун меҳнат қилишди. Аммо...

Ўша учрашувда ҳоким биз, фаолларга озроқ танбеҳ берганини ҳам тан олишимиз керак.

– Тушунаман, айрим қишлоқларимизда узоқ вақт ечимини топмаган муаммолар бор, – деганди ҳоким. – Лекин кўп йиллик муаммони бир кунда ҳал этиш ҳам имконсиз. Қанийди, мен бир кўчани таъмирлашга ёрдам берсам, фаоллар аҳолининг бошини қовуштириб, иккинчи кўчада ҳашар ташкил қилса. Жуда катта натижага эришган бўлардик. Афсуски, бундай ташаббус ҳеч кимдан чиқмаяпти...

Ҳоким ҳақ! Фақат давлатнинг қўлига қараб, муттасил мурожаат қилавериш ҳам ярамайди.

Маҳалламиз оқсоқоллари шундай қарорга келдик.

Этак Туркман қишлоғида яна бир кўчамиз таъмирталаб. Шуни ўзимиз ҳашар билан обод қилсак-чи?

 Маҳалла раиси Р.Эшқувватов таклифимизни қўллаб-қувватлади. Ўзи бош бўлиб, техника олиб келди. Фаоллар Б.Умрзоқов, Ж.Умрзоқов, С.Кўбаев, А.Жўлиев биргаликда аҳолига тўғри тушунтирдик. Ёшлар оёққа турди. Иш қизиди. Сал кам бир километрлик йўл кўз очиб юмгунча обод бўлди. Бундан ўзимизнинг ҳам баҳридилмиз очилди.

Абдулла Қаҳҳорнинг “Кампирлар сим қоқди”, деган ҳикояси бор. Асарда қишлоқнинг кексалари бир бўлиб, пилла қурти парваришлашади. Режа муваффақиятли бажарилгач, бу ҳақида радиога хабар беришади. Киши ютуғини одамларга айтгиси, хайрли ишни тарғиб қилгиси келади-да.

Хуллас, ҳикоядагидек, биз ҳам “сим қоқяпмиз”.

Ҳоким бобо, Туркман қишлоқ обод бўлди. Ҳамкорлик учун раҳмат.

Эркин ОМОНОВ,

меҳнат фахрийси.

(Наймантепа маҳалласи)

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM