Энг кўп йўл-транспорт ҳодисаси Жомбой ҳиссасига тўғри келди...

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

15 февралдан туманимизда “Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ўн беш кунлиги” эълон қилинди. Афсуски, вилоят бўйича энг кўп  йўл-транспорт ҳодисаси Жомбой ҳиссасига тўғри келмоқда.

Шу муносабат билан вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан семинар ўтказилди. Марказий ва ички йўлларда йўл-транспорт ҳодисаларининг оғир оқибатлари акс этган, фуқароларни огоҳлик ва ҳушёрликка чақирувчи тарғибот автокарвони, соҳада қўлланилаётган замонавий қурилмалар кўргазмаси ташкил этилди. Жамоатчилик вакиллари, фаоллар ва ўқувчи-ёшлар иштирок этган тадбирда юз бераётган кўнгилсиз ҳодисаларнинг асосий омиллари таҳлил қилинди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 2019 йил давомида вилоят ҳудудида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари 4,6 фоизга, бунинг оқибатида вафот этганлар сони 5,9 фоизга камайган. Туманимизда эса аксинча, ортганини кўриш мумкин. Яъни, 69 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиб (2018 йилда 59), 21 киши (2018 йилда 19) вафот этган.

Туман ҳудудида оғир оқибатли ва инсонлар ўлими билан боғлиқ бўлган йўл-транспорт ҳодисалари содир этилишининг олдини олиш мақсадида бир қатор режалар белгилаб олинди.

Хусусан, бундан буён транспорт, пиёдалар ва болалар ҳаракати серқатнов ҳудудлар алоҳида назоратга олинади. Йўловчи ташувчи транспорт воситаларининг ҳаракати тартибга солиниб, техник тайёргарлиги таъминланади. Туман ҳудудидан ўтувчи халқаро, давлат аҳамиятидаги ҳамда маҳаллий автомобиль йўлларида талабга жавоб бермайдиган, асфальт қопламаси билан боғлиқ носозлик, ковлангандан сўнг таъмирланмаган ҳудуд, сувоқова қудуқлари, эскирган йўл белгиларини янгилаш каби камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилади.

Семинар давомида вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи полковник А.Носиров ҳамда туман ички ишлар бўлими бошлиғи, майор С.Шавманов сўзга чиқди. Шунингдек, жамоатчилик вакилларининг савол ва таклифлари ҳам эшитилди.

Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ўн беш кунлиги бўйича тузилган вилоят махсус ишчи гуруҳи 1 мартга қадар туманимизда иш олиб боради.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM