Бўш турган бинога оширилган ставкада cолиқ ҳисобланади

Вазирлар Маҳкамасининг “Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, бўш ҳолда, фойдаланилмаётган бино ва иншоотлар рўйхати шакллантирилмоқда. Бу борада тузилган ишчи гуруҳ туман ҳудудида ўрганиш ўтказиб, ушбу тоифадаги объектларга таъсирчан солиқ механизмини қўллаш бўйича иш олиб боряпти.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 2020 йил 1 январь ҳолатига туманда 106 та бўш турган объектлар аниқланган. Шундан, 8 таси давлат, 14 таси аввал хусусийлаштирилган, 74 та хусусий бино ва иншоотлар саналади. Шунингдек, рўйхатда 10 та ҳокимлик захирасидаги объектлар мавжуд.

2020 йил 15 февралга қадар уларнинг 45 таси ишга туширилди. Натижада, 186 та янги иш ўрyи яратилди. Бундан ташқари, ҳокимлик балансидаги 3 та бўш турган бино 1 сўм қийматда “E-ijro auksion” электрон савдолари орқали сотувга чиқарилди. 587 миллион сўмга инвестициявий ҳамда ижтимоий мажбуриятлар юклаган ҳолда тадбиркорларга сотилди. Бу ҳам қисқа вақт ичида ишлаб чиқаришнинг янги тармоқларини ташкил этиш, қўшимча иш ўринлари яратиш имконини беради. Ҳукумат қароридан кўзланган мақсад ҳам шу.

Қарорнинг бир жиҳатига эътибор қаратиш лозим. Фойдаланилмаётган объект мулкдорига мол-мулк ва ер солиқлари ўрнатилган ставкага нисбатан уч ойга қадар икки баравар, уч ойдан сўнг беш баравар, олти ой ўтгач? ўн баравар, 12-ойдан келгуси ҳар йилда охирги ошириб қўлланилган миқдорнинг икки баравари тарзида ҳисобланади. Бундан ташқари, фойдаланилмаётган объектларга солиқ имтиёзлари ва преференцияларнинг амал қилиши тўхтатилади.

Ишчи гуруҳ томонидан айни кунларгача бўш турган объектларни хатлаш жараёни давом этяпти. Хусусан, “Жомбой файз барака савдо” МЧЖга тегишли Галакапа кўчасидаги ошхона, Сарой кўчасидаги чойхона, Самарқанд маҳалласидаги улгуржи ва чакана савдо базаси, Деҳқонобод қўрғонидаги “Меҳр” ресторани рўйхатга киритилди. Ушбу объектларга нисбатан таъсирчан солиқ механизмини қўллаш мақсадга мувофиқ, деб топилди.

Ишчи гуруҳ фаолияти давом этмоқда.

 

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM