Жомбойда автобус ҳалокатга учраганмиш...

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Ёдингизда бўлса, ўтган йилнинг куз ойларида шундай нохуш хабар тарқалганди. Ижтимоий тармоқларда воқеа акс этган сурат, видеолавҳалар қизғин муҳокама қилинди. Хўш, ўша куни аслида нима бўлган?

Жиноят ишлари бўйича туман судида иш мазмунан кўриб чиқилди. Сариосиёлик Саиджалол Содиқов (Исм-шариф ва манзил ўзгартирилган) узоқ йиллик тажрибага эга ҳайдовчи эди. Бироз эътиборсизлик жиддий оқибатга сабаб бўлишини ким ўйлабди, дейсиз? Бошқарувидаги “МАН” юк автомобилида Тошкентдан мол олиб қайтаётганди. Тун, узоқ йўл, чарчоқ ўз ишини қилди. Деҳқонобод маҳалласига етганда олдинда кетаётган автобуснинг тезлиги камайганини илғамай қолди.

Амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 73-бандига кўра, ҳайдовчи ўзидан олдинда ҳаракатланаётган транспорт воситаси кескин тормоз берганда тўқнашиб кетмаслик кафолатини таъминлайдиган даражадаги оралиқ масофани сақлаши керак. 77-бандда эса ҳаракатнинг серқатновлиги, транспорт воситаси ва юкнинг хусусияти, ҳолати, йўл ва об-ҳаво шароитини ҳисобга олиш шарт, деб кўрсатилган. Бунда чекланган тезликка амал қилиш, ёнлама масофани сақлаш ҳам талаб этилади. Афсуски, бу қоидалар С.Содиқовнинг ёдига келганда кеч, ҳалокат содир бўлиб улгурганди.

Ҳушини йиғиб, атрофга назар солди. Олдинда бораётган “ISUZU” йўл четида ағдарилиб ётарди. Ўша кунги ҳалокатда йўловчилардан бири вафот этди. 32 нафари турли даражада тан жароҳати олди.

Суд мажлисида С.Содиқов айбига тўлиқ иқрорлик билдирди. Гувоҳлар фикри эшитилди. Жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий зарар қисман қоплангани инобатга олинди. Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан айбли, деб топилди ва беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Мамаюсуф ШЕРЙИГИТОВ,

жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM