Ҳозирги ҳолатда фақат ва фақат ўзимизни асрашимиз керак

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Азиз, жомбойликлар!

Хабарингиз бор, юртимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида жиддий чоралар кўриляпти. Бу ўзимиз, оила аъзоларимиз, фарзандларимиз, нуроний отахону онахонларимиз – бутун халқимизни эртанги кунга саломат етказиш мақсадида амалга оширилаётганини тушунишимиз керак.

Бугун  касаллик юқтириб олган 5 нафар юртдошимиз тузалгани хабар қилинди. Давлат бош санитария врачи Баҳром Алматов уларга тез орада шифохонадан рухсат берилишини билдирди.

Аммо хавотирли ҳолатлар ҳам бор. Масалан, чет элда бўлмаган ва вирус юқтирганлар билан мулоқотга киришмаган 20 ёшли ўзбекистонликда ҳам вирус қайд этилди.

Туманимиз кўчаларида ниқобсиз одамлар деярли учрамаётгани ижобий ҳолат. Шундай бўлса-да, ҳануз вазиятни тўғри баҳолай олмаётганимиз кишини ташвишга солади. Олайлик, тушга қадар Арчазор хиёбонидаги “Агробанк” филиали кириш қисмида бир тўп одамларнинг навбатда тургани кузатилди. Улар орасида ниқоб тақмаган фуқаролар ҳам бор эди.

Давлат бош санитария врачи иштирокида ўтган брифингда қуйидаги маълумот айтилди: Ўзбекистонда қайд этилган илк бемор Франциядан қайтган куни 35 киши иштирокида оилавий тадбир уюштирган. Ўша меҳмондорчиликда қатнашганлардан 13 нафарида кейинчалик инфекция аниқланди...

Демак, вазият биз ўйлаганимиздан жиддийроқ. Демоқчимизки, ҳозирги ҳолатда фақат ва фақат ўзимизни асрашимиз керак. Шахсий гигиенага қатъий амал қилиш, жамоат жойларида ниқоб тутиш, жуда зарур бўлмаганда одамлар кўп тўпланадиган жойлардан чекиниш қоидамизга айлансин.

Халқимиз бундан ҳам оғирроқ кунларни бошидан кечирган. Иккинчи жаҳон уруши йилларида ўзбекистонликлар кўрсатган матонат дунё халқлари томонидан ҳануз эътироф этилиши бежиз эмас. Демоқчимизки, бу кунлардан ҳам омонликда ўтиб оламиз. Фақат масъулиятни унутмасак бўлгани.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

 

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM