Улардан сабоқ олсак арзийди...

Кимлардир вазиятдан фойдаланиб, нархни оширишдай пасткашликка қўл ураётган бир пайтда жомбойлик имконияти чекланган аёллар фидойилик кўрсатмоқда. Гап Садоқат Жабборова, Нигора Бердиназарова, Умида Хидирова, Камола Бозорова ҳамда Вазира Йўлдошева ҳақида бормоқда.

– Хотин-қизларимиз агар хомашё етказиб берилса, тиббий ниқоблар тикиб бермоқчилигини айтишди, – дейди оила ва маҳаллани қўллаб-қувватлаш бўлими мутахассиси Ч.Шананова. – Ногиронлиги бўлган опаларимизнинг ҳақ олмай, хасталикка қарши курашишга чин дилдан ҳисса қўшмоқчи бўлишаётгани эътиборга молик. Кўнглида одамийлиги, юртига, халқига даҳлдорлик туйғуси бўлган инсонгина шундай йўл тута олади.

Туман ҳокимлиги томонидан ушбу ташаббус қўллаб-қувватланди. Зарур ашёлар етказиб берилди. Айни пайтда ниқоблар тайёрланяпти.

– Барчамизда тикув машинаси бор, – дейди Саричашма маҳалласида истиқомат қилувчи Н.Бердиназарова. – Ҳозир энг хавфсиз жой уйимиз. Аммо вақтни бекор ўтказиш ҳам яхши эмас. Тиббий ниқоблар етишмаётгани ҳақида телевидениеда эшитгандик. Шу ишга биз ҳам ҳиссамизни қўшсак-чи, деган фикр келди.

Тайёр бўлган ниқоблар бозор ва савдо марказлари, жамоат жойларида бепул тарқатилади.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM