Сўнгги 27 кунда 283 нафар жомбойлик фуқаро хориждан қайтган

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Туман ҳокимлигида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирлари, бу борада Жомбойда олиб борилаётган ишлар мавзуига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Туман тиббиёт бирлашмаси, санитария-эпидемиология осойишталиги маркази ҳамда Миллий гвардия қўриқлаш бошқармасининг 2-алоҳида отраяди ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ОАВ ходимлари ва мустақил журналистлар, блогерлар қатнашди.

Анжуман давомида туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Эрмуҳаммад Боймуродов амалга оширилаётган ишлар ҳусусида батафсил маълумот берди. Қайд этилишича, 1-27 март кунлари 283 нафар жомбойлик фуқаро хориждан қайтган бўлиб, уларнинг барчаси белгиланган тартибда тиббий назоратга олинган. Икки ҳафталик карантин даврида уларнинг бирортасида хасталик аломатлари аниқланмаган. Шу кунларда туман шифохонаси одатдаги тартибда фаолият юритмоқда. Аммо беморларнинг яқинлари учун ҳудудга кириш чекланган. Муассасада 3 маҳал иссиқ овқат ташкил этилган. Юқумли касалликлар бўлимида 2 та захира хоналари фавқулодда ҳолатлар учун сақлаб турилибди.

Тадбирда санитария-эпидемиология осойишталиги марказининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Раҳим Сатторов ҳамда Миллий гвардия қўриқлаш бошқармасининг 2-алоҳида отраяди командири, капитан Учқун Жўраевнинг маълумоти ҳам эшитилди.

– Туманимизда карантинга олинган 7 та хонадон бўлиб, уланинг хавфсизлиги, чеклов қоидаларига амал қилиши устидан қатъий назорат ўрнатилган, – дейди У.Жўраев. – Жойларда аҳоли билан тушунтириш ишлари ҳам ўтказиляпти. Сўнгги 5 кун ичида 2 минг 500 нафар фуқароларга бу борада тушунтириш берилди. Афсуски, айрим ҳолатларда карантин қоидаларини бузиш, жамоат жойларида ниқобсиз юриш кузатиляпти. Фуқаролардан чеклов аввало, ўз саломатлигимиз учун қўлланаётганини тушунишларини истардик.

Матбуот анжумани давомида мутасаддилар журналист ва блогерлар ҳамда фуқароларнинг интернет манзиллари орқали юборган саволларига жавоб қайтаришди.

 

 

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM