170 га яқин оила моддий қўллаб-қувватланди

Юзага келган хавф халқимизни янада жипслаштиргани, меҳр-оқибат туйғусининг мустаҳкамланишига туртки бўлаётгани қувонарлидир. Бир неча кундан бери корхона ва ташкилотлар, саҳоватпеша тадбиркорлар хайрия тадбирлари ўтказаётганига гувоҳ бўляпмиз.

Туманимизда сўнгги бир ҳафтада икки юзга яқин эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат, тиббий воситалар бепул етказиб берилди. Эътиборли томони, хайрия қилиш истагидаги тадбиркорлар сони кундан кун ортиб бормоқда.

Бугун туман ҳокимлиги ва ҳамкор ташкилотлар иштирокида яна бир эзгу иш амалга оширилди. Синовли кунларда ўз касбини сидқидилдан бажараётган тиббиёт, санитария ҳамда ободонлаштириш тизими ходимлари ҳолидан хабар олинди. Уларга ўсимлик мойи, ун, картошка, сабзи, пиёз, тухум каби бирламчи истеъмол маҳсулотлари тарқатилди.

Туман ҳокими Ҳ.Тўйчиев мутасаддилар иштирокида тиббиёт бирлашмаси, санитария-эпидемиология осойишталиги маркази ҳамда ободонлаштириш бошқармасига борди.

– Жиддий синов қаршисида турганимиз рост, – деди ҳоким. – Ушбу вазиятда ҳалол меҳнатингиз билан халқимизни хатарли хасталикдан ҳимоялаб турибсиз. Бунинг учун барча жомбойликлар номидан самимий миннатдорчилигимни билдираман.

Саҳоват тадбирлари маҳаллаларга кўчди. Бирор жойда расмий ишламай, кундалик юмушлар билан рўзғор тебратиб келган юртдошларимиз бор. Юзага келган вазиятда улар иқтисодий муаммоларга дуч келиши мумкинлиги сир эмас. Кун давомида шундай оилалар аниқланиб, ҳомийлик ёрдами кўрсатилди.

– Бундай фуқароларни уйда бажариш мумкин бўлган ишларга жалб этиш чоралари ҳам кўрилмоқда, – дейди маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи И.Асроров. – Айни масалада ҳунармандчилик тармоқлари, томорқа хизматлари билан ҳам ҳамкорлик қилинади. Муҳими, ҳеч ким карантин сабаб иқтисодий қийинчиликка тушиб қолишига йўл қўйилмайди.

Хайрия тадбирлари давомида 170 га яқин оила моддий қўллаб-қувватланди.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM