Туман ҳокими жомбойликларга мурожаат қилди

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Азиз юртдошлар, ҳурматли жомбойликлар!

Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали дунёда рўй бераётган воқеликдан хабардор бўлиб боряпмиз. Бугун нафақат юртимиз, балки бутун инсониятга коронавирус пандемияси таҳдид солмоқда. Хасталикка қарши курашиш мақсадида мамлакатимизда махсус комиссия тузилган бўлиб, зарур чора-тадбирлар кўриляпти. Сўнгги ҳафта давомида жамоат транспортлари, иккиламчи хизмат кўрсатиш турлари, умумий овқатланиш шохобчалари фаолияти вақтинча тўхтатилди. Давлат чегараларидан ташқари вилоятлараро ҳамда туман (шаҳар)лараро ҳаракатланиш ҳам чекланди. Буларнинг барчаси вазият ҳалокатли тус олишининг олдини олиш мақсадида кўрилмоқда.

Куни кеча хасталикка чалинган 7 нафар юртдошимиз тузалгани хабар қилинди. Бу шифокорларимизнинг улкан ғалабаси. Аммо хавотирли ҳолатлар ҳам бор. Масалан, чет элда бўлмаган ва вирус юқтирганлар билан мулоқотга киришмаган 20 ёшли ўзбекистонликда зарарланиш кузатилган. Қолаверса, инфекция билан боғлиқ ҳолда илк ўлим қайд этилди...

Туманимиз кўчаларида ниқобсиз одамлар учрамаётгани ижобий ҳолат. Шундай бўлса-да, ҳануз вазиятни тўғри баҳолай олмаётганимиз кишини ташвишга солади. Олайлик, айрим банк филиаллари кириш қисмида одамлар тўпланиб турганига тез-тез кўзимиз тушяпти.

Вазият биз ўйлаганимиздан жиддийроқ. Демоқчимизки, ҳозирги ҳолатда фақат ва фақат ўзимизни асрашимиз керак. Шахсий гигиенага қатъий амал қилиш, жамоат жойларида ниқоб тутиш, жуда зарур бўлмаганда одамлар кўп тўпланадиган жойлардан чекиниш қоидамизга айланмаса, яқинларимизни ҳам хавфга қўйган бўламиз. Вирус тарқалиши ҳудди занжирга ўхшайди. Бу жараённи ўхтатишнинг ягона йўли барчанинг уйда қолишидир.

Озиқ-овқат ва тиббий буюмларнинг етишмай қолиши ҳақида хавотир олмасак бўлади. Ишонтириб айтамизки, Ўзбекистон ўз-ўзини таъминлай оладиган мамлакат.

Биргина мисол. Туманимизда 4 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари мавжуд. Уларнинг салмоқли қисми бирламчи эҳтиёж маҳсулотларига ихтисослашган. “Fayzikom Progres” хусусий фирмаси ўн кундан бери тўлиқ тиббиёт ниқоби ишлаб чиқаришга ўтди. Жойларда арзонлаштирилган нархларда сотув йўлга қўйилди. Шайман, Журият, Тут бозорларида нарх-наво қатъий назорат қилинмоқда.

Яна бир эътиборга молик жиҳат бор. Карантин эълон қилинганидан бери жомбойлик саховатпеша инсонлар сони ортди. Сўнгги 5 кун ичида 400 га яқин эҳтиёжманд оилаларга хайрия ёрдами кўрсатилди. Бу ҳам халқимизнинг оғир дамларда бирдам бўла олишини кўрсатади. Зеро, эпидемияга қарши инсонийлик билан қарши туриш мумкин.

Азиз жомбойликлар!

Бугун биздан бир нарса талаб этилмоқда. Уйда, оиламиз даврасида қолиш. Аслида бу имкониятдан унумли фойдаланиб, фарзандларимиз тарбиясига вақт ажратсак, оилавий китобхонликни йўлга қўйсак мақсадга мувофиқ бўлади. Жуда зарур бўлмаган ҳолларда кўчага чиқиш, биринчи навбатда нуроний отахону онахонларимиз, фарзандларимизнинг ҳаётини хавф остига қўйишини унутмайлик.

Давлат муассасалари, жамоат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, тиббиёт масканларида юзлаб ходимлар сиз учун меҳнат қиляпти. Уларнинг номидан ҳам илтимосимиз шу: уйда қолинг.

Насиб этса, энг яхши кунлар, байраму тантаналарни биргаликда нишонлаймиз.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, омонлик тилайман.

Ҳамза ТУЙЧИЕВ,

Жомбой тумани ҳокими.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM