Сессия: Иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, таълим соҳаларини тубдан ислоҳ қилиш, муаммо ва камчиликларни қисқа фурсатда баратараф этиш зарур

Халқ депутатлари Жомбой туман кенгаши сессияси ўтказилди. Тадбирни 26-Зарафшон округидан сайланган депутат Жаҳонгир Ниёзов олиб борди.

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов сўзга чиқиб, қатор масалаларда тумандаги вазият қониқарли эмаслигини қайд этди. Хусусан, 2020 йил февраль, март, апрель ойларида бюджетга тушум кўрсаткичи кескин камайган.

– Туман бюджети параметрлари ўтган ойга нисбатан 42 фоизга бажарилган, холос, – деди Э.Турдимов. – Ўтиб бораётган жорий ойдаги ҳолатни ҳам ижобий баҳолаб бўлмайди. Ачинарлиси, ишлаб чиқариш тармоқлари тўхтаб қолгани ҳеч кимни қизиқтирмаяпти. Туманда 300 дан ортиқ корхона бўлгани ҳолда, улардан 60 таси ишламаётгани, 126 таси фаолиятини 25-50 фоизга қисқартирганини қандай изоҳлаш керак? Рақамлар экспорт даражасининг ҳам қониқарсиз ҳолатдалигини кўрсатмоқда.

Сессия давомида шу каби нохуш ҳолатларга чек қўйиш зарурлиги таъкидланди. Мутасаддилар зиммасига шахсий масъулият юклатилди.

Туман ҳокими сифатида фаолият олиб борган Тўйчиев Ҳамза Ҳакимович ўз аризасига асосан, эгаллаб турган вазифасидан озод этилди.

Кун тартибига киритилган ташкилий масала депутатлар муҳокамасига қўйилди. Вилоят ҳокими тавсиясига кўра, туман ҳокими лавозимига Собиров Қаюм Ҳамроевич тасдиқланди.

Шунингдек, тадбирда иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, таълим соҳаларини тубдан ислоҳ қилиш, муаммо ва камчиликларни қисқа фурсатда баратараф этиш чоралари белгиланди.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM