“Саховат ва кўмак” ҳаракати муаммога ўзига хос ечим бўлиши керак

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Сўнгги уч ой ичида бутун дунёни пандемия таҳликаси эгаллаб олди. Хасталик сабаб кўплаб қурбонлар берилиши мумкинлиги ижтимоий-сиёсий майдонни ташвишга солаётган ягона хадик эмас. Кўпчилик давлатлар учун олдинда пандемиядан сўнг фалажланиб қолган иқтисодни тиклаш, карантин даврида бор захирасини сарфлаб, камбағаллик ҳолига тушиб қолган аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш муаммоси турибди.

Дарҳақиқат, дунё бугун пандемия оқибатларига қарши турлича усуллар билан кураш олиб бормоқда. Олайлик, АҚШ, Россия ва Қозоғистон ўз фуқароларга қайтариб бериш шартисиз пул маблағлари ажратишни йўлга қўйди. Бунда фуқарога маълум миқдорда пул бюджетдан ажратилади. Натижада, фуқаролар ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватланади. Ўз навбатида, аҳоли харид қобилияти тушиб кетишининг олди олинади. Тўғри, ушбу чора икки томонлама таъсири ва оддийлиги билан эътибор тортади. Яъни, аҳоли пулсиз қолмайди, эҳтиёжи учун зарур маҳсулотларни харид қилишда давом этади. Тадбиркорлар ишлаб чиқарган маҳсулоти сотилмай, касод бўлишининг олди олинади.

Аммо бу йўлнинг қатор баҳсталаб жиҳатлари ҳам йўқ эмас. Олайлик, бюджетдан ажратилган пул маблағлари ҳақиқатда муҳтожларга тўлиқ етиб боришини назорат қилиш имконсиз. Бу эса коррупцияга йўл очилиши тайин. Қолаверса, пул шаклида олинган ёрдам боқимандалик кайфиятини юзага келтириши ҳам мумкин.

Президентимиз ушбу масалада ўзига хос йўлни таклиф қилди. Шу тариқа “Саховат ва кўмак” умуммиллий ҳаракатига асос солинди.

Унинг моҳияти икки томонлама кўринади.

Биринчидан, тадбиркорлар имконияти етганича эҳтиёжманд оилаларни оталиққа олади. Уларни маълум вақт (ҳозирча уч ойлик) озиқ-овқат ва бирламчи эҳтиёж маҳсулотлари билан таъминлайди. Зарур ҳолларда, уларга дори-дармон, коммунал тўловлар учун ҳам кўмак бериши мумкин. Энг асосийси, эҳтиёжмандларни ўз-ўзини таъминлашга ўргатади. Бу ишга жойлаштириш, касаначиликни ва томорқадан фойдаланишда кўмаклашиш, тадбиркорликка ўргатиш шаклларида бўлиши мумкин.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари эса ҳақиқатда эҳтиёжманд оилалар рўйхатини шакллантиради. Айни пайтда туманимизда бу рўйхатга 2 мингдан ортиқ оилалар киритилган. Жараёнда ҳокимлик бир жиҳатдан ютади. Яъни, тадбиркорга эҳтиёжмандларни аниқлаб бериш билан функционал вазифаси ҳисобланган камбағалликни камайтириш сари самарали қадам ташлайди. Ҳудди бир ўқ билан икки қуённи ургандек. “Саховат ва кўмак” умуммиллий ҳаракатининг ҳудудларда ривожлантиришга маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамда туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш бўйича ўринбосари маъсул этиб белгилангани бежиз эмас.

Ўз-ўзидан савол туғилиши табиий. Тадбиркорчи? Улар бу сиёсатдан қандай манфаат топади?

Тадбиркорларга давлат томонидан қўшимча имтиёз олиш ҳуқуқи тақдим этиляпти. Солиқ таътиллари, кредит муддатларини узайтириш, коммунал хизматлардан қарздорликни вақтинча тўхтатиб туриш кабиларда намоён бўлиши мумкин.

Шу ўринда бир жиҳатга эътибор қаратиш ўринли.

Президентимиз 20 апрель куни саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалалари бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида “Саховат ва кўмак” умуммиллий ҳаракатига қўшилган тадбиркор сарфлаган маблағидан икки ҳисса имтиёзга эга бўлиши айтилди. Яъни, агар 10 та оилани 3 ой давомида оталиққа олган бўлса, уларнинг моддий таъминоти учун ўртача 21 миллион сарфлайди. Давлат томонидан унга ўзи танлаган (солиқ таътили, кредит танаффуси каби) йўналишда 42 миллион сўмлик имтиёз тақдим этилади.

Ўз-ўзидан кўринадики, пандемия шароитида бутун дунё бош қотираётган муаммога Ўзбекистон ўзига хос йўл билан ечим топди. Айни пайтда умумхалқ ҳаракати жойларда кенг ёйилмоқда.

Аммо бир жиҳатни ҳам унутмаслигимиз керак. Эртага унинг қанчалик самара бериши бизнинг бугунги фидойилигимиз, меҳнатсеварлигимизга боғлиқ.

Сардор ЛУҚМОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси тингловчиси,

Жомбой туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM