АБИТУРИЕНТ 2020: 10 ТА САВОЛГА 10 ЖАВОБ

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

1-савол: Карантин даврида давлат тест марказининг диагностика тестларидан қандай фойдаланиш мумкин?

Жавоб: Тест топшириқлари очиқлигини таъминлаш мақсадида е-Sinov тизими ишга туширилган. У орқали абитуриентлар ҳар бир фан бўйича “Тест топшириқлари тўплами 2019” доирасидаги вариантни ечиб, ўз билимини синаб кориши мумкин. Тизимдан телеграм мессенжеридаги @dtmxizmatbot орқали фойдаланиш мумкин.

2-савол: Спорт бўйича Ўзбекистон ва жаҳон чемпионлари олий таълим муассасаларига имтиҳонсиз қабул қилинадими?

Жавоб: Республика ва халқаро спорт мусобақаларининг ғолиб ва совриндорлари олий таълим муассасаларига имтиҳонсиз қабул қилинади. Бундан тиббиёт ва ҳарбий таълим муассасалари мустасно. Ушбу имтиёз олимпиада ўйинларига киритилган спорт турлари бўйича амал қилади.

3-савол: Касбий (ижодий) имтиҳонлар билан биргаликда мажбурий фанлар бўйича тест синовлари топшириладиган таълим йўналишлари қайсилар?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 февралда қабул қилинган “Педагогик таълим соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2020/2021 ўқув йилидан қуйидаги йўналишларда касбий (ижодий) имтиҳонлар билан биргаликда мажбурий учта фан бўйича тест синовлари ўтказилади.

5111100 – Мусиқа таълими.

5110800 – Тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси.

5112000 – Жисмоний маданият.

5112300 – Мактабгача ва бошланғич таълимда жисмоний тарбия ва спорт.

Мажбурий фанлардан тест синовлари касбий (ижодий) имтиҳонлар натижаси эълон қилингач ўтказилади.

4-савол: Республика олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига мос тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, тест топшириқлари сони ҳамда баҳолаш мезонлари ҳақида маълумот берсангиз.

Жавоб: Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясининг 2019 йил 19 декабрдаги 11-сонли баёни, 1-иловасига мувофиқ, мажбурий фанлар блокида ҳар бир фандан 15 тадан (жами 45 та) савол бўлиши белгиланган. Ҳар бири учун 2,1 балдан, максимал 31,5 балл тўплаш имкони мавжуд. Жами 3 та фандан эса тўплаш мумкин бўлган миқдор 94,5 бални ташкил этади.

Тест фанларининг иккинчи бўлимида бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фан бўлиб, ҳар бир фандан 30 та (жами 60 та) савол мавжуд. Уларнинг ҳар бири учун 3,1 балдан, максимал 93 бал берилади. Жами 2 та фандан 186 балл тўплаш мумкин.

Умумий ҳолда, 2020/2021 ўқув йили қабулида абитуриентларга 5 та фан бўйича жами 105 та тест топшириғи берилади. Максимал 280,5 балгача жамғариш имкони бор.

Биринчи ва иккинчи бўлимдаги тест синовлари бир вақтда ўтказилади.

5-савол: Журналистика университетига ҳужжат топширганимизда тўплаган балимиз бошқа олийгоҳга ўтмаслигини айтишди. Шу тўғрими?

Жавоб: Журналистика университетининг шифри бошқа олийгоҳларга тўғри келмайди. Қолаверса, журналистик ижодий имтиҳон ўзига хос. Аммо, абитуриентлар журналистика университетининг хоҳлаган учта йўналишини танлаши мумкин. Фақат “Медиамаркетинг ва реклама” йўналиши журналистика фаолият турларига кирмайди, шифри бошқа олийгоҳларга ҳам тўғри келади.

6-савол: Карантин даврида чет тили ўқитувчилари ойлик маошига устама ҳақ белгилаш бўйича навбатдаги имтиҳонлар онлайн тарзда ўтказиладими?

Жавоб: Адлия вазирлиги томонидан 2013 йил 31 октабрда 2520-рақами билан ройхатдан ўтказилган “Чет тиллар ўқитувчиларининг базавий лавозим маошларига ойлик устама белгилаш учун тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда имтиҳонлар онлайн тарзда ўтказилиши кўзда тутилмаган.

7-савол: Олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари учун тайёргарлик кўришимиз учун қайси китоблардан фойдаланишимиз керак?

Жавоб: 2019-2020 ўқув йилида умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида қўлланилаётган дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар рўйхати шакллантирилган. У давлат тест марказининг Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларига қилган мурожаатига жавобан мазкур вазирликлардан келган хатлар асосида тузилган.

Тавсия этилган амалдаги дарсликларнинг электрон шаклини Халқ таълими вазирлигининг ахборот таълим порталидан юклаб олишингиз мумкин. Мустақил ўқиш учун тавсия этилган бадиий асарларни эса www.aim.uz сайтидан топасиз.

8-савол: 2020/2021 ўқув йилида олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари фанлар мажмуасида қандай ўзгаришлар бор?

Жавоб: 2019 йил 14 майдаги “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори асосида 2020/2021 ўқув йили қабулидан бошлаб тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси икки бўлимга ажратилди. Биринчи бўлимга барча тест топширувчилар учун мажбурий учта фан – она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ), математика ва Ўзбекистон тарихи. Иккинчи бўлимга абитуриент танлаган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фан киритилиши белгиланган.

9-савол: 2020-2021 ўқув йили учун ҳужжат топшириш жараёни қандай шаклда кечади ва қачон бошланади?

Жавоб: Олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш муддати бўйича ҳозирча ўзгариш йўқ.

Аввалги йиллардаги баъзи муаммоларни ҳисобга олган ҳолда, давлат тест маркази томонидан расмий веб-сайт орқали рўйхатга олиш дастурий таъминоти ишлаб чиқилди. Ушбу қулайлик натижасида абитуриентлар уйдан чиқмаган ҳолда рўйхатдан ўтиши мумкин. Бу билан уларнинг вақти, сарф-харажати тежалади. Шунингдек, асоссиз навбатлар юзага келинишининг олди олинади. Мазкур тизимга кириш учун http://abitur.dtm.uz веб-сайтидан фойдаланилади.

10-cавол: Мажбурий ва мутахассислик фанларидан синовлар бошқа-бошқа вақтларда ўтказиладими?

Жавоб: Олдин таъкидлаганимиздек, тест синовлари барчаси бир вақтда ўтади. Бунда умумий 280,5 балл жамғариш имкони бўлади.

Давлат тест маркази Самарқанд вилояти бўлими.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM