Идоралараро ҳамкорлик қонунда белгиланган(ми?)

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Икки йил аввал, яъни, 2018 йилнинг 8 январь куни “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида” қонун қабул қилинганди. Қайд этиш жоизки, ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг амалга киритилиши билан мамлакатимизнинг ривожланган демократик давлатлар қаторига дадил кириб бориши янада жадаллашди.

Аввало, бир жиҳатга эътибор қаратиш ўринли. Қонуннинг асосий вазифаси маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлиги, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини таъминлашдан иборатдир. Бошқача айтганда, ушбу қонун давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар, шунингдек, бошқарув фаолияти давомида фуқароларнинг ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Бунда жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатлари биринчи ўринга қўйилади.

Биргина мисол. 2-модданинг иккинчи хатбошисида “Махсус маъмурий тартиб-таомилларни белгиловчи қонун ҳужжатлари жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳолатини ёмонлаштирмаслиги керак”, дейилади. Шу изоҳнинг ўзи ҳам Ўзбекистоннинг ҳуқуқий-демократик жамият сари жадал одимлаб бораётганини англатади.

Мамлакатимизда маъмурий-ҳуқуқий фаолият, жумладан лицензиялаш, рухсат бериш, рўйхатдан ўтказиш каби давлат хизматлари соҳаси тубдан янгиланди. Ривожланган давлатлар тажрибаси асосида шу тармоққа ихтисослаштирилган алоҳида агентлик ташкил этилди. Натижада, сўнгги уч йилда маҳаллий давлат ҳокимлиги тизимига даҳлдор ўнлаб ваколатлар давлат хизматлари марказларига ўтказилди. Бундан кўзланган мақсад, аввало, бюрократия, коррупция каби иллатларга барҳам бериб, шаффофликни таъминлашдан иборат.

Бинобарин, қонуннинг 10-моддасида маъмурий тартиб-таомилларнинг очиқ, шаффоф ва манфаатдор шахслар учун тушунарли бўлиши лозимлиги белгилаб қўйилган. 12-моддада “Манфаатдор шахсларга мажбуриятлар орқали қийинчилик туғдириш, фақат расмий қоидалар ва талабларга риоя этилиши мақсадидагина уларга ҳуқуқлар беришни рад этиш ёки уларнинг ҳуқуқларини бошқача тарзда чеклаш тақиқланади”, деб кўрсатилгани бежиз эмас.

Афсуски, жамиятимиз бир иллатдан ҳамон қутулолгани йўқ. Яъни, у ёки бу масалада давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик етишмайди. Ваҳоланки, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида” қонуннинг асосий тамойилларидан бири идоралараро ҳамкорлик ҳисобланади.

Президент Шавкат Мирзиёев ўз фаолиятининг дастлабки кунларидан мутасаддилар, хусусан, давлат бошқаруви органлари, ташкилот ва муассаса раҳбарлари олдига шахсий масъулият масаласини қўйган эди. Таъбир жоиз бўлса, ушбу қоида “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида” қонуннинг бош мақсади ҳисобланади. Ҳар қандай раҳбар буни ёдда сақлаши керак.

Ғайрат АВАЗОВ,

туман ҳокимлиги юрисконсульти вазифасини бажарувчи.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM