Имтиҳон вақти маълум эмас

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Жорий йил абитуриентларнинг олий таълим муассасаларига ҳужжатларини рўйхатдан ўтказиш давлат тест марказининг махсус веб-сайти ҳамда ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилди. Фақат белгиланган айрим ҳудудларда давлат хизматлари маркази орқали ҳужжатлар қабул қилинди.

Сўнгги кунга қадар вилоятидаги 9 та олий таълим муассасасига жами 139 минг 874 нафар абитуриентдан аризалар тушди. Бу ўтган йилгига нисбатан 22 мингтага кўп. Биринчи ОТМ сифатида энг кўп танланган олий таълим муассасалари рўйхатида Самарқанд давлат университети 75 минг 325 нафар абитуриент билан биринчи ўринда турибди.

Самарқанд шаҳридаги Даҳбед, Рудакий ва Ибн Сино кўчалари кесишмасида жойлашган СамДУ академик лицейи спорт зали, ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мажмуасининг 4 та спорт зали ҳамда Самарқанд педагогика ва хизмат кўрсатиш коллежи спорт зали имтиҳон ўтказиш учун танланган.

Ушбу мажмуаларда карантин қоидаларини эътиборга олган ҳолда ҳар бир абитуриентга 3 квадрат метрдан кам бўлмаган майдон ҳозирланди. Имтиҳонлар бир сменада, 71 та гуруҳда 2130 нафар абитуриент иштирокида ўтади. Бир кишилик стол-стул, ҳавонинг мўътадиллигини таъминловчи катта сиғимли кондиционер, санитария-гигиена воситалари таъминланади. Ҳудуд ва бинога киришда дезинфекцион туннеллар ўрнатиш, ёруғликнинг тушиши, бинони шамоллатиш, абитуриентларни тик тушган қуёш нуридан ҳимоялаш имкониятлари ҳисобга олинган.

Абитуриентларнинг ҳудудга киришда тана ҳарорати ўлчанади. Агар ҳарорати 37 даражадан ошмаса, ниқоб ва қўлқоплар билан бинога киришга рухсат берилади. Ҳар бир абитуриентга тест синовлари жараёнида 0,5 литр ичимлик суви, кўк рангли шарикли ручка ажратилади.

Кириш тест синовлари қачон бўлиши маълум эмас. Карантин чекловлари бекор қилинганидан ёки юмшатилганидан кейин давлат комиссияси қарори билан кириш тест синовларини ўтказиш вақти эълон қилинади.

Воҳид СИРЛИБОЕВ,

Давлат тест маркази вилоят бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM