Бефарқ мутасаддилар устидан тақдимнома киритилди

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Туманимиздаги Президент Халқ қабулхонасига жорий йилнинг 6 ойи давомида жисмоний ва юридик шахслардан 412 та мурожаат келиб тушди. Шундан 189 таси (46 фоиз) туман, 187 таси (45,4 фоиз) вилоят даражасидаги масалалар сирасига киради. Қолган 36 та (9,1 фоиз) мурожаат қабулхонанинг ўзида ечим топган. Умумий ҳисобда мурожаатларнинг 273 таси каноатлантирилган.

Соҳалар бўйича таҳлил қилинганда 78 та моддий ёрдам ажратиш, 58 та коммунал хизмат кўрсатиш масаласига доир шикоятлар энг кўп мурожаатлар туркумида экани аниқланган.

Бунга сабаб мутасаддилар томонидан фуқароларга атрофлича тушунтириш берилмаётганлиги, болалар нафақасини олиш мақсадида маҳаллага тақдим этилган ҳужжатлар комиссия томонидан ўз вақтида ўрганиб чиқилмаётгани ёки маҳалла котиблари томонидан барча ҳужжатлар комиссияга ўз вақтида тақдим этилмаётганлигидадир. Бундан ташқари, нафақа тайинлаш комиссияси томонидан қабул қилинган хулосалар фуқароларга ҳеч бўлмаганда почта орқали юборилмаяпти.

Шунингдек, коммунал тармоқларда қатор муаммолар йиллар давомида тўпланиб қолган. Олайлик, туман миқёсида қўшимча 16 та трансформаторга талаб мавжуд. Сим тармоқларнинг 1630 километр қисмини алмаштириш зарур. Бундан ташқари, 16 минг дона симёғоч таъмирталаб.

Афсуски, айри ҳолатларда қуйи тизим мутасаддиларининг аҳоли мурожаатига бефарқлиги ҳам фуқароларни Халқ қабулхонасига етаклаяпти. Сўнгги олти ой давомида шу каби ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан юқори органларга 4 та таклиф-тақдимнома чиқарилди. Натижада, 1 нафар раҳбар-ходим огоҳлантирилди. Икки нафарига эса маъмурий ва интизомий жазо чораси қўлланди.

Илҳом ОЛТИБОЕВ,

Халқ қабулхонаси мудири.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM