Туман ХТБга мудир тайинланди

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Халқ таълими бўлими, шубҳасиз, туманимизнинг энг йирик меҳнат жамоаларидан бири ҳисобланади. Бўлим таркибида 56 та умумтаълим мактаби мавжуд бўлиб, ушбу муассасаларда 31 мингга яқин ўғил-қизлар таҳсил олишяпти. Уларга 2280 нафар устоз-педагоглар сабоқ беришмоқда.

Аммо соҳада эришилаётган ютуқлардан хато ва камчиликлар кўпайиб бораётгани афсуски, ҳақиқат.

Хусусан, олий тоифали ўқитувчилар жами контингентнинг 3 фоизини, 1-тоифали ўқитувчилар 12 фоизни ташкил этаётгани мавжуд ҳолатга баҳо бермоқда. Ваҳоланки, ўз устида изланиб, янгиликка интилаётган ходимлар учун бугун барча имконият бор. Қоғозбозликка чек қўйиш, мажбурий меҳнатдан соҳани халос этиш каби инқилобий ислоҳотлар аслида, ўқитувчилар учун ўз маҳоратини оширишига имкон яратиш мақсадида қилиняпти. Афсуски, бу борада туманимизда сезиларли ўзгариш юз бермади.

Туман ҳокимлигида ўтказилган таълим тизими фаолияти таҳлилига бағишланган йиғилишда шу каби ҳолатлан танқид қилинди. Тадбирда туман ҳокими Қ.Собиров қатнашди ва сўзга чиқди.

– 1903 йил, яъни, бундан 117 йил аввал Ҳолвойи қишлоғида янги усулдаги илк мактаб фаолият бошлаган, – деди ҳоким. – Илк мактаб, деганимиз бежиз эмас. Бу зиё маскани нафақат туманимиз, балки Туркистон ўлкасидаги ростмана ўз биноси, моддий-техник базасига эга бўлган биринчи таълим муассасаси бўлган. Ушбу бинода бугун ҳам фарзандларимиз сабоқ олишяпти. Мамлакатдаги илк замонавий мактабга бешик бўлган, Саидаҳмад Сиддиқий, Мирзохўжа Ўринхўжаев, Бозорбой Ўринбоев каби улуғ муаллимларни етиштирган Жомбой учун бугунги кўрсаткичлар ярашадими? Аввало, мана шу саволни ўзимизга беришимиз керак.

Таълим сифати ҳақида гап кетганда, ўқитувчиларга сифатли методик хизмат кўрсатилмаётганини ҳам алоҳида қайд этиш лозим. Таҳлилларга кўра, туман халқ таълими бўлими томонидан ақалли бирор марта видеосеминар ёки видеоконференциялар ўтказилмаган. Карантин чекловлари иддао қилингани ҳолда, методик хизмат кўрсатиш ҳеч бўлмаса, онлайн тарзда амалга оширилмаган. Ўқувчиларнинг билим даражасини аниқлаш мақсадида доимий мониторинг юритилиши керак. Аммо болалар тафаккуридаги бўшлиқни аниқлаш ва мустаҳкамлаш учун онлайн тест тизими мавжуд эмас.

Жомбойлик мактаб битирувчиларининг олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичи 4-5 фоизга тушиб қолганига шу каби омиллар ҳам сабаб бўлмоқда.

Тадбирда қатнашган вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи С.Усмонов қачонлардир вилоят рейтингида Жомбой тумани юқори натижалар қайд этганига эътибор қаратди.

– Ижобий кўрсаткичларни тиклаб олиш учун туманда барча имконият бор, – деди С.Усмонов. – Бунинг учун аввало, соҳа мутасаддилари, қолаверса, устоз-педагоглардан озгина фидойилик талаб этилади. Бир ёқадан бош чиқариб, катта ниятларни мақсад қилинса, ҳар қандай мақсадга эришиш мумкин. Йўл қўйилаётган камчиликлар, таълим сифат-самарадорлигининг кун сайин пасайиб бораётгани тизимда аниқ раҳбарнинг йўқлиги билан боғлиқ, деган тўхтамга келдик.

Йиғилишда Халқ таълими вазирлигининг тегишли буйруғи ўқиб эшиттирилди. Унга кўра, Юсупова Зарифа Абдусаломовна туман халқ таълими бўлими мудири этиб тайинланди.

Маълумот ўрнида З.Юсупова 1968 йилда туғилган. Узоқ йиллар таълим тизимининг раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилган. Бунга қадар туман маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими бошлиғи ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган эди.

  

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM